Чирчиқ давлат педагогика университети Педагогика факультети Махсус педагогика кафедраси қошида 2025-2026 ўқув йилида ташкил этилган “Инклюзив мобил диагностика” комплекси - инклюзив таълимни диагностика, коррекция, ривожлантириш, касбий йўналтириш ва илмий-тадқиқот билан боғлайдиган замонавий ўқув-илмий-амалий майдондир.
Ўзбекистонда 2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган мазкур комплекс таркибида учта йирик лаборатория фаолият юритади. Уларнинг асосий вазифаси нафақат бўлажак махсус педагогларни касбий тайёрлаш, балки университет ҳудудига яқин яшовчи турли тоифадаги алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар ва катталарга коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг индивидуал имкониятларини аниқлаш ва комплекс ривожлантириш; амалиётчи махсус педагоглар малакасини ошириш; ота-оналарга тавсия ва маслаҳатлар беришдан иборатдир.
Комплекс таркибидаги “Инклюзив мобил диагностика” лабораторияси(24-хона) асосан турли тоифадаги алоҳида таълим эҳтиёжларига эга шахсларни комплекс психологик-педагогик диагностика қилиш билан бир қаторда, ўзини соғлом деб ҳисоблаган ҳар қандай инсоннинг ҳам интеллектуал ва когнитив имкониятларини ўрганиш имконини беради. Хусусан, бу ерда IQ даражаси, мантиқий ва аналитик фикрлаш, ҳиссий-эмоционал ҳолат, диққат ва хотира жараёнлари, шунингдек, математик қобилиятлар ва дискалькулия белгилари диагностика қилинади. Ташхис натижалари асосида инсоннинг кучли ва ривожлантирилиши лозим бўлган жиҳатлари аниқланиб, индивидуал ривожлантирувчи тавсиялар ишлаб чиқилади.
“DELFA академияси” сурдопедагогик илмий-амалий лабораторияси (25-хона) аввало, эшитишида муаммоси бўлган, яъни кар, заиф эшитувчи, кохлеар имплантatsiя қилинган болаларни ташхислаш, уларга коррекцион-ривожлантирувчи ва реабилитatsiон-педагогик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Бу ерда эшитув идроки, нутқ ва мулоқот кўникмалари баҳоланиб, боланинг индивидуал эҳтиёжларига мос машғулотлар ташкил этилади. Шу билан бирга, ота-оналарга боланинг эшитиш, нутқ ва мулоқот ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий тавсиялар берилади.
“ПРОФИ АРЕНА” касбий йўналтириш ва илмий-амалий лабораторияси (26-хона). Лаборатория, аввало, бўлажак ва амалиётчи логопедларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, уларни замонавий касбий фаолиятга тайёрлаш, логопедик массаж ва турли замонавий логопедик технологияларни амалиётда қўллашни ўргатишга йўналтирилган. Бу ерда касбий қизиқиш ва қобилиятлар аниқланади, касбий вазиятлар асосида тренинглар, амалий машғулотлар ва лойиҳалар ташкил этилади. Шунингдек, инновatsiон ғоялар, стартаплар ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун имкониятлар яратилади.
Шу жиҳатдан, комплекснинг асосий фалсафаси “аниқлаш - қўллаб-қувватлаш - ривожлантириш - касбий йўналтириш” тамойилига асосланади. Энг муҳими, “Инклюзив мобил диагностика” комплекси - фақат талабалар учун ташкил этилган ўқув базаси эмас. У алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар ва уларнинг ота-оналари, амалиётчи махсус педагоглар ва логопедлар, бўлажак мутахассислар, тадқиқотчилар ҳамда ўз интеллектуал ва когнитив имкониятларини билишни истаган ҳар бир инсон учун очиқ илмий-амалий платформа сифатида хизмат қилади. Шунингдек, бўлажак махсус педагоглар учун амалий тайёргарлик базаси, амалиётчи мутахассислар учун тажриба алмашиш ва малака ошириш майдони, магистрантлар, докторантлар ва тадқиқотчилар учун илмий-тадқиқот лабораторияси сифатида хизмат қилади.
Шунинг учун мазкур комплексни “инсон имкониятини аниқлашдан унинг таълимий, коррекцион ва касбий ривожланишигача бўлган жараённи бирлаштирувчи ягона экотизим” сифатида баҳолаш мумкин. Бу эса университетнинг нафақат малакали махсус педагоглар тайёрлаш, балки инклюзив таълим амалиётига бевосита хизмат қилиш, ота-оналар ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги илмий-амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтиради.